Қирғизистон президенти АҚШдан республиканинг ишларига аралашмасликни сўради
Қирғизистон президенти Садир Жапаров бошқа мамлакатлардан, шу жумладан АҚШдан республиканинг ички ишларига аралашмасликни сўради, деб ёзади “Коммерсантъ”. Шу тариқа у Америка давлат котиби Энтони Блинкен Қирғизистонда қабул қилиниши мумкин бўлган, хорижий агентлар ҳақидаги қонун лойиҳаси юзасидан хавотир билдириб ёзган мактубига муносабат билдирди.
Жапаров таъкидлашича, бошқа мамлакатлар томонидан молиялаштирилувчи кичик, аммо “овози жуда баланд” бир гуруҳ ноҳукумат ташкилотлар “бошидан кечирган қийинчиликлар ва жабр-зулмларни айтиб, ғаразли ниятларини амалга оширмоқда”. Бу гўёки, уларга ҳомийлик қилаётган чет эл тузилмаларини манипуляция қилиб, уларни “АҚШ ва Евроиттифоқ мамлакатлари солиқ тўловчилари пулларини сарфлаш”га мажбур қилади.
Қирғизистон президенти сўзларига кўра, худди шу ноҳукумат ташкилотлар “халқ орасида ёлғон, ишончсиз ахборот” тарқатмоқда. У АҚШ томонидан молиялаштирилувчи ноҳукумат ва нотижорат ташкилотлар молиялаштирилуви бўйича аудит ўтказишни таклиф қилди.
“Яна шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, биз тенг ҳуқуқли ҳамкорлик тарафдоримиз ҳамда барча мамлакатлар ва халқаро шериклар билан, шу жумладан, АҚШ билан ҳам ишлашга тайёрмиз. Менинг ягона илтимосим — мамлакатимиз ички масалаларига аралашманг”, — деди у АҚШ давлат котибига ёзган жавоб хатида.
Садир Жапаров Энтони Блинкенни Бишкекда таклиф этиб, республикада инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари “Конституция ва қонунларнинг ишончли ҳимояси остида тургани”га ишонч ҳосил қилишга чақирди.
Қирғизистонда нотижорат ташкилотлар тўғрисидаги қонунни ўзгартириш ташаббуси 2023 йил бошида парламент аъзоси Нодира Норматова томонидан илгари сурилганди. У қонунчиликка хориж томонидан молиялаштирилувчи нотижорат ташкилотларга нисбатан “хорижий агент” терминини киритишни, шунингдек, бундай ташкилотлар рўйхатини тузишни таклиф қилганди. Ташкилотнинг рўйхатга киритилиши унга мамлакатда ишлашга рухсат берилди, деганидир. Бундан ташқари, Норматова давлатнинг нотижорат ташкилотларга нисбатан ваколатларини кенгайтиришни, шу жумладан, ҳукуматга қонунни бузиб, бир томонлама тартибда ташкилот фаолиятини олти ойга тўхтатиш имкониятини тақдим этишни таклиф қилди.
Шарҳлар