Қирғизистон президентининг жиянига уй қамоғи тайинланди

Фото: kabar.kg

Аввалроқ ҳибсга олинган президент Садир Жапаровнинг жияни Улан Жапаров тергов давомида, 19 сентябргача уй қамоғида бўлади. Бу ҳақда Бишкекнинг Первомайский туман суди хабар беради.

Матбуот хизматининг хабарига кўра, суд 24 август куни ДМХҚ Тергов бошқармаси терговчисининг илтимосномасини қаноатлантирган қарорни қабул қилган. Шундай қилиб, илгари қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси уй қамоғига ўзгартирилди.

Президентнинг жияни Улан Жапаров шу йилнинг июль ойида ҳибсга олинган эди. У ўта катта миқдордаги фирибгарликда айбланган. Давлат раҳбари матбуот котиби Аскат Алагозов содир бўлган воқеани изоҳлар экан, “мамлакат раҳбарияти ноқонуний фаолият билан шуғулланаётганларнинг айбини ёпмаслигини” айтди.

Бу Улан Жапаровнинг биринчи марта ҳибсга олиниши эмас. 2023 йил июль ойи бошида у божхонада коррупция иши бўйича ҳибсга олинганди. Буни шарҳлар экан, давлат раҳбарининг ўзи “ҳозир замон бошқа”, ҳаммага “бир хил” муносабатда бўлишини таъкидлаганди. Ўтган йил октябрида Улан Жапаров уй қамоғига озод этилган эди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.