Қирғизистон Республикаси вазирлар маҳкамасининг раҳбари: Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўл қурилиши августда бошланади
Қирғизистон вазирлар маҳкамаси раҳбари Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши август ойида бошланишини маълум қилди. Бу ҳақда Ақилбек Жапаров 13 июнь куни парламент йиғилишида маълум қилди. Унга кўра, август ойида уч давлат раҳбарлари иштирокида темир йўл қурилишини расман бошлаш маросими бўлиб ўтади.
Унинг эслатишича, аввалроқ Қирғизистон, Ўзбекистон ва Хитой Транспорт вазирлиги раҳбарлари уч мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий тамойиллари ва механизмларини, жумладан, молиялаштиришни белгиловчи битимни имзолаган.
“Ниҳоят, мамлакатимизни энг йирик савдо-ишлаб чиқариш марказига айлантирадиган лойиҳа амалга оширила бошланди”, — дейди Жапаров.
Шу билан бирга, Ўзбекистон транспорт вазири лойиҳанинг биринчи тошини қўйиш 2024 йил октябрь ойига мўлжалланганлигини маълум қилганди.
Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистон, Эрон ва Туркияга темир йўл қуриш бўйича музокаралар қарийб 20 йилдан бери давом этмоқда. Бу йўл Қирғизистонга Хитой қирғоғидан тортиб, то Форс кўрфазигача бўлган деярли бутун Осиёни боғлайдиган континентал кўприкнинг бир қисмига айланиш имконини беради.
Шарҳлар