Қирғизистон Украина томонидан ташкил қилинган Тинчлик саммитида қатнашмайди

Фото: 24.kg

Қирғизистон Тинчлик саммитида иштирок этмайди, бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг ўринбосари Эдил Байсалов Deutsche Welle ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Байсаловнинг таъкидлашича, Қирғизистон ҳукумати “Украинага ҳам, Россияга ҳам тенг муносабатда бўлади”. Унинг қўшимча қилишича, Қирғизистон томони “бу ақлдан озган вазиятга барҳам бериш” тарафдори ва Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам беришдан манфаатдор эмас.

“Аммо Украина томони бизнинг сабабларимизни тушунади, биз уларга барча далилларимизни келтирдик. Биз шу жараёнда қолишга умид қиламиз. […] Ҳозирча бизнинг бевосита иштирокимиз унчалик қимматли эмас, Украина ҳам бизнинг позициямизни қабул қилди”, деди Байсалов.

15-16 июнь кунлари Швейцарияда Украина бўйича глобал тинчлик саммити бўлиб ўтади. Анжуманда дунёнинг 100 га яқин давлати иштирок этиши кутилмоқда.

Россия 2022 йил 24 февралда Украинага тўлиқ миқёсли босқинни бошлади. Ўшандан бери Украинада жанговар ҳаракатлар давом этмоқда. Марказий Осиёнинг деярли барча давлатлари, жумладан Қирғизистон ҳам ўз бетарафлигини расман эълон қилди. Шу билан бирга, Ғарб санкцияларига қарамай, Марказий Осиё давлатларининг айрим компаниялари ҳамон Россияга товарлар, жумладан, ҳарбий мақсадларда фойдаланиладиган маҳсулотларни етказиб бермоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.