Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегарасининг қолган қисмларини белгилаб бўлишди

фото: радио Озодлик

4 декабрь куни Боткен шаҳрида Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумат делегацияларининг давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича учрашуви ўтказилди.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси хабар қилишича, делегациялар раҳбарлари келишувга эришиб, Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг қолган қисмларини тўлиқ белгилаб бўлишган. Раҳбарлар ишчи гуруҳларга чегарани делимитация қилиш бўйича якуний ҳужжатларни тайёрлашни топширган.

Тожикистон делегацияси раҳбари Саймумин Ятимов икки давлат ўртасидаги давлат чегарасини делимитация қилиш масаласи «амалда ҳал этилганини» маълум қилди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ҳам Қирғизистон-Тожикистон чегараси бўйича комиссия чегаранинг бутун узунлигини узил-кесил келишиб олганини таъкидлади.

«Бутун масъулият билан айтишим мумкинки, бугун тарихий лаҳза – чегараларни мувофиқлаштириш. Бундан кейин юридик расмийлаштириш, парламентлар томонидан ратификация қилиш ва ҳурматли президентларимизнинг имзо қўйишлари қолади. Ўйлайманки, яқин келажакда, атиги бир неча ойдан сўнг, чегараларимиз масаласини узил-кесил ҳал қиламиз,» – дейди Ташиев.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг умумий узунлиги 972 километрни ташкил этади. Бироқ, Тожикистон билан чегарадош ҳудудларда аниқланмаган чегаралар туфайли Боткен вилоятида вақти-вақти билан низолар юзага келмоқда. Охирги йирик низо 2022 йил 14-17 сентябрь кунлари содир бўлган эди. Ўшанда икки томондан юздан ортиқ киши ҳалок бўлган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.