Қирғизистонда аёлларга 10 гача фарзандли бўлишга чақиришмоқда
Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев қирғизистонлик аёлларни яна кўпроқ бола туғишга чақирди. Унинг айтишича, бу давлат хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун зарур.
«Бизда жуда кўп бола бўлиши керак. Аёллар, ёш келинлар буни эътиборга олишлари лозим. Давлат хавфсизлигини мустаҳкамлаш аҳоли сонига бевосита боғлиқ. Агар аҳоли сони ошмаса, хавфсизликни таъминлаш мураккаб вазифа бўлади. Ҳозир дунёда жуда катта ўзгаришлар рўй бермоқда, қўшни давлатлар биздан аҳоли сони жиҳатидан илгарилаб кетмоқда», – дея таъкидлайди Ташиев.
Унинг сўзларига кўра, давлат туғилишни оширишга қаратилган чораларни қўллаб-қувватлайди. Қўшимча рағбатлантирувчи омиллар қаторида Ташиев Қирғизистоннинг тоғли ҳудудларида яшовчи оилаларга она капитали тўлашни режалаштирилганини тилга олган.
Хусусан, 4-бола туғилганлиги учун 100 минг сом (1165.50 АҚШ доллари), 5-бола туғилганлиги учун 600 минг сом (6993.04 АҚШ доллари), 7-бола туғилганлиги учун 1 миллион сом (11655 АҚШ доллари) тўланиши режалаштирилган. 8 ва 9-бола туғилганлиги учун 1,5 миллион сом (17483 АҚШ доллари), 10-бола туғилганлиги учун эса 2 миллион сом (деярли 24000 АҚШ доллари) тўлаш мўлжалланган.
Ҳозирда Қирғизистон аҳолиси тахминан 7 миллион кишини ташкил этади.
Шарҳлар