Қирғизистонда “хорижий вакиллар” реестри ишга тушди
Қирғизистон Адлия вазирлиги сайтида “хорижий вакиллар” мақомида фаолият юритувчи нотижорат ташкилотларининг (ННТ) янги реестри ишга туширилди.
Ҳозирги вақтда реестрда учта ташкилот рўйхатга олинган: иккита тадбиркорлар уюшмаси – “Евроосиё бизнес клуби” ва JIA, шунингдек, Fauna & Flora атроф-муҳитни муҳофаза қилиш компаниясининг филиали.
Адлия вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, реестрга киритиш учун аризалар энди қабул қила бошланган, чунки Вазирлар Маҳкамасининг “Қирғизистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 9 сентябрдан кучга кирган.
Низомга кўра, Адлия вазирлиги икки ой муддатда аризаларни қабул қилади. Ушбу даврда хорижий донорлардан маблағ оладиган ва «сиёсий фаолият» билан шуғулланадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари реестрга кириш учун ариза беришлари керак. Акс ҳолда, улар турли жазо чораларига, жумладан, тугатишга дуч келишади.
Президент Садир Жапаров 2 апрель куни “Хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонунни имзолаб, ўзгартишларнинг қабул қилиниши мамлакатга фойда келтиришини, “ҳамма очиқ ва тенг шароитларда ишлашини” таъкидлади. Жапаров, шунингдек, нотижорат ташкилотлари таъқиб қилинмаслигига ишонтирди.
Бироқ давлат раҳбари ўнлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фаолларнинг уни бу қадамдан тийилишга чақирган мурожаатларига қарамай, тузатишларни имзолади. Уларнинг фикрича, ушбу қонун қоидалари фуқаролик жамияти ташкилотлари фаолиятини сезиларли даражада чеклайди ва у репрессив характерга эга.
Қонунни бузмасдан ишлашни давом эттириш учун баъзи ННТлар МЧЖ ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида қайта рўйхатдан ўтишга ёки ўз ташкилотини тўлиқ тугатишга қарор қилмоқда. Баъзи ННТлар чет элдан молиялаштиришни рад этишни афзал кўрмоқда.
Шарҳлар