,

Қирғизистонда милиция мустақил ОАВ офисида тинтув ўтказди

16 январь куни эрталаб Қирғизистон милицияси “Айт Айт Десе” ва Temirov Live мустақил медиа-лойиҳаларининг собиқ ва амалдаги ходимларида тинтув ўтказди, дея хабар беради маҳаллий «Клооп» нашри. Суриштирувчи журналист Болот Темиров тинтувлардан сўнг камида 10 киши сўроққа юборилганини қайд этади.

Шунингдек, Temirov Live офисида ҳам тинтув ўтказилиб, у ерда асбоб-ускуналар ва ҳужжатлар олиб қўйилган. 24.kg нашрининг қайд этишича, Temirov Live офисида ва лойиҳа директори Махабат Тожибек қизининг уйида тинтув адвокатлар иштирокисиз ўтказилган.

“ПолитКлиника”  журналисти Тинистан Асипбековнинг уйи ҳам тинтув қилинган. Озодлик радиосига берган интервьюсида у тинтув ва сўроқлар оммавий тартибсизликларга чақириш (Қирғизистон Жиноят кодексининг 278-моддаси 3-қисми) бўйича жиноий иш билан боғлиқлигини айтади.

Бу иш бўйича суриштирувчи журналист Сайпидин Султаналиев гувоҳ сифатида сўроққа чақирилган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, қидирув ва сўроқлар “Айт Айт Десе” ва Temirov Live интернет сайтларида топилган оммавий тартибсизликларга чақириқлар бўйича жиноий иш доирасида олиб борилмоқда. Бироқ иш қўзғатилиши учун қайси мақолалар асос бўлгани айтилмаган.

​15 январь куни Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг ходимлари Бишкекдаги 24.kg нашри таҳририятида ҳам тинтув ўтказган. Таҳририят компьютерлари ва ходимларнинг шахсий телефонлари мусодара қилинган, таҳририят хоналари муҳрланган. Тинтувдан сўнг 24.kg нашри бош директори Асел Оторбоева ва бош муҳаррирлар Антон Лимар ва Махинур Ниязовалар урушни тарғиб қилиш (Қирғизистон Жиноят кодексининг 407-моддаси) бўйича очилган жиноий иш бўйича гувоҳ сифатида сўроққа олиб кетилган. 24.kg таҳририятидаги тинтувлар мамлакатдаги ОАВ ва медиа ташкилотларининг  қораланишига сабаб бўлди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.