Қирғизистонда ота-онасини боқишдан бош тортган шахсларга жазо кучайтирилмоқда

Foto: Mariposa training

Қирғизистонда ногирон ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онасини боқишдан бош тортган, шунингдек, фарзандига алимент тўламаётган шахсларларга нисбатан жазо кучайтирилмоқда.

«Жогорку Кенеш» депутатлари айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишларни учинчи ўқишда маъқуллади.

Қонун лойиҳаси фарзандлари учун алимент тўлаш бўйича мажбуриятларини бажармаган ёки тўлиқ бажармаган, шунингдек, моддий ёрдамга муҳтож кекса ота-оналарни қўллаб-қувватлашдан бўйин товлаганларга нисбатан жазони кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, алимент тўлаш мажбуриятини бажармаганлик учун ота-оналар суд ҳужжати ёки шартнома асосида 60 соатдан 100 соатгача бўлган муддатга жамоат ишлари ёки 9 ойгача қамоқ жазоси билан жазоланади.

«Моддий ёрдамга муҳтож кекса ота-онасин боқишдан бўйин товлаш бўйича суд ҳужжати ёки алимент ундириш тўғрисидаги келишув асосида меҳнатга лаёқатли ёшга тўлган болаларга алимент тўлашдан бўйин товлаганлик учун 500 БҲМдан 1000 БҲМгача (50 – 100 минг сом) жарима солиш ёки 60 соатгача жамоат ишларига жалб қилиш ёхуд 9 ойгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган», – дейилади хабарда.

Аввал хабар қилинганидек, Қирғизистонда ОАВ ва интернет сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларда туҳмат ва ҳақорат қилганлик учун жарималар жорий этиш таклиф этилган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.