Суд Трампга нисбатан махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаганлик ҳақидаги ишни ёпди
Флорида федерал округи суди АҚШ собиқ президенти Дональд Трампга нисбатан махфий ҳужжатлар билан номувофиқ ишлаш ҳақидаги ишни ёпди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.
Судья буни Трампнинг иши бўйича махсус прокурор Жек Смитнинг тайинланиши АҚШ Конституциясига зид бўлгани билан асослади. Гап процессуал асос ҳақида бормоқда, яъни судья Трампнинг ҳаракатларини баҳолагани йўқ.
Аввалроқ Трампнинг адвокатлари Смитнинг тайинланишини сиёсий мақсадга эга деб атаган ва у собиқ президентга нисбатан холис эмаслигини таъкидлаган эди. Суд қарор чиқараётиб, Смитнинг фаолияти қонуннинг рухсатисиз ғазначилик маблағларидан молиялаштирилганини айтди.
Дональд Трамп суд қарорини изоҳлар экан, ундан қолган айбловларни олиб ташлашга ва “жодугарлар овини бас қилиш”га чақирди. Трамп, шунингдек, порноактриса Сторми Дэниелснинг оғзини юмиш учун унга пул тўлашда молиявий ҳужжатларни қалбакилаштирганликда ва 2021 йил бошида Капитолийга қилинган ҳужум ҳақидаги иш бўйича ҳам айбланмоқда.
2022 йил августида ФҚБ Трампнинг Мар-а-Лаго қароргоҳида тинтув ўтказиб, у ерда мамлакат мудофаасига алоқадор махфий ҳужжатларни аниқлаган эди. Собиқ президент ўз лавозимини тарк этаётган вақтда уларни Оқ уйдан олиб кетган бўлиши мумкин, аммо Трамп ўз айбини инкор этмоқда.
Шарҳлар