Зеленский фронтдаги вазият туфайли Испания ва Португалияга сафарларини бекор қилди

Фото: РИА

Украина президенти Владимир Зеленский сўнгги дақиқаларда Испанияга ташрифини бекор қилди, у ерда 17 май куни мамлакат бош вазири Педро Санчес билан учрашув бўлиб ўтиши керак эди. Бу ҳақда EFE агентлиги маълум қилди.

Агентлик манбаларига кўра, бундай қарорга Россия-Украина ҳарбий низоси зонасидаги мураккаб вазият туфайли келинган.

Учрашувда Киев ва Мадрид хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги битимни имзолашни режалаштирган эди. Украина бундай келишувларни аллақачон Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Канада ва бошқа мамлакатлар билан тузган.

Ушбу сафар доирасида Украина президенти Португалияга ҳам ташриф буюриши керак эди. Аммо маҳаллий ОАВларга кўра, Лиссабонга сафар ҳам бекор бўлган. 14 май куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Португалия ташқи ишлар вазири Паулу Ранжел бу борада изоҳ беришдан бош тортди ва бу “хавфсизлик юзасидан” қилинганини таъкидлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.