,

Исроил “ҲАМАС”га икки ойга сулҳ тузишни таклиф қилди — ОАВ

Фото: Getty Images

Исроил қатарлик ва мисрлик воситачиалр орқали Фаластиннинг “ҲАМАС” ҳаракатига уларда қолаётган асирларнинг барчаси озод этилиши эвазига икки ойга ўт очишни тўхтатишни таклиф қилди, деб хабар беради Axios исроиллик икки нафар мансабдорга таяниб.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху томонидан Ғазо секторидаги ҳарбий операцияни бошқариш учун тузилган “ҳарбий кабинет” ўн кун аввал “ҲАМАС”га қаратилган икки ойлик ярашув таклифини тасдиқлаган. Уларнинг сўзларига кўра, Фаластин ҳаракати ҳозирча ўз жавобини бермаган, ва улар ушбу масала бўйича яқин кунларда прогрессга эришилишини “эҳтиёткорона оптимизм” билан кутмоқда.

Ўт очишни тўхтатиш эвазига “ҲАМАС”га тирик қолган барча асирларни ва қурбонлар жасадларини бир нечта босқичда Исроилга қайтариш таклиф қилинмоқда. Исроиллик мансабдорларга кўра, биринчи босқичда ҳаракат аёллар, 60 ёшдан катта эркаклар, шунингдек, оғир аҳволдаги асирларни озод этиши керак.

Кейинги босқичларда Исроил аёл ҳарбий хизматчиларни, 60 ёшгача бўлган ноҳарбий эркакларни, Исроил армиясидан чиққан эркакларни ва ҳалок бўлган асирлар жасадларини қайтариб олишга эришмоқчи. Келишув шартларига кўра, Исроил ва “ҲАМАС” ҳар битта асир эвазига Исроил қамоқхоналаридан нечта фаластинлик маҳбуслар озод этилишини олдиндан келишиб олиши керак. Шундан кейин турмалардан чиқариладиган фаластинликлар исмларини тасдиқлаш бўйича алоҳида музокаралар олиб борилади.

Нашр суҳбатдошлари хабар қилишича, таклиф Исроил Мудофаа армияси кучларини қайта жойлаштириш, шу жумладан, келишув амалга оширилиб бориши билан, уларни Ғазо секторидаги асосий аҳоли пунктларидан олиб чиқишни кўзда тутади. Шу билан бирга, улар аниқлик киритишича, битим анклавда ҳарбий операциянинг узил-кесил тўхтатилишини билдирмайди. Бундан ташқари, Исроил 6 минг нафар фаластинлик маҳбусларнинг барчасини озод қилишга тайёр эмас. Манбаларга кўра, сулҳ  якунланганидан кейин Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатлар шиддати сезиларли равишда пасайиши керак.

Аввалроқ Европарламент илк бор Ғазо секторида “доимий равишда ўт очишни тўхтатиш”га чақирган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.