Исроил бош вазири мудофаа вазирини ишдан бўшатди
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху мудофаа вазири Ёав Галантни ишдан бўшатди, деб хабар бермоқда Ҳааретз нашри. The Jerusalem Post нашрининг аниқлик киритишича, янги мудофаа вазири этиб ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган Исраел Катз тайинланган.
“Исроил Бош вазири сифатидаги энг олий масъулиятим мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ва бизни ҳал қилувчи ғалаба сари етаклашдир. Уруш даврида Бош вазир ва Мудофаа вазири ўртасида тўлиқ ишонч ҳар қачонгидан ҳам зарур. Агар кампаниянинг дастлабки ойларида бизда шундай ишонч бўлган бўлса ва кўп нарсага эришган бўлсак, сўнгги ойларда, афсуски, мен ва Мудофаа вазири ўртасидаги бу ишонч сўнди”, — деган Нетаняху ўз баёнотида.
Нетаняхунинг сўзларига кўра, у ва Галант уруш олиб бориш бўйича келишмовчиликка учраган.
«Мен бу келишмовчиликларни ҳал қилиш учун кўп ҳаракат қилдим, аммо улар янада кенгайди. Улар ҳам оммага номақбул кўринишда маълум бўлди, бундан ҳам ёмони, душманларимизга маълум бўлди – душманларимиз бундан завқ олишди ва бундан катта фойда олишди”, — дея бош вазирнинг сўзларини келтиради Times of Israel газетаси.
Нетаняху, шунингдек, ҳукумат аъзоларининг кўпчилиги унинг қарорини қўллаб-қувватлашини айтди.
Шарҳлар