Исроил Эроннинг Суриядаги элчихонасига зарба берди. Ислом инқилоби посбонлари корпусининг 7 аъзоси ҳалок бўлди
Исроил авиацияси Эроннинг Дамашқдаги элчихонасига зарба берди, дея хабар бермоқда Reuters. Оқибатда Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК)нинг “Ал-Кудс” бўлинмаси командири генерал Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳалок бўлди.
ИИПКга алоқадор Fars News агентлиги Зоҳидийнинг ўлимини тасдиқлади. Шунингдек, Irna агентлиги ИИПК матбуот хизматига таяниб, ҳодиса натижасида генерал Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий ва корпуснинг яна беш аъзоси ҳалок бўлганини маълум қилди.
Элчихона биноси бутунлай вайрон бўлган. Эроннинг Дамашқдаги элчиси маълум қилишича, Исроилнинг F-35 қирувчи самолётлари олтита ракета ташлаган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг ҳужумини қоралаб, уни халқаро ҳуқуқларнинг қўпол равишда бузилиши деб атади. Шунингдек, Эрон жавоб реакцияси кўрсатиш ва “тажовузкорни жазолаш” борасида қарор қабул қилишини билдирди.
Шарҳлар