Нетаньяху: Исроил АҚШ кўмагисиз ҳам ҲАМАС билан курашишга қодир
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакат армиясининг Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужуми туфайли АҚШ босимни кучайтираётганига қарамасдан, Исроил ҲАМАС билан курашни давом эттиришини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Бундай баёнотни у АҚШ томонидан ҳарбий ёрдам тўхтатилиши фонида эълон қилди.
Нетаньяхунинг сўзларига кўра, АҚШдан қурол етказиб берилишига кучли боғлиқ бўлган Исроил “тирноқлари билан курашади”. “Агар ёлғиз ўзимиз курашишимизга тўғри келса, ёлғиз ўзимиз курашамиз. Аввал ҳам айтганимдек, агар тўғри келса, тирноқларимиз билан курашамиз”, — деди Нетаньяху халққа видеомурожаатида.
Шунингдек, у Исроил давлати тузилгач, БМТ мамлакатга қурол етказишга эмбарго қўйганини, аммо Исроил барибир 1948 йилги араб-исроил урушида мустақилликка эришишга муваффақ бўлганини эслатди. Исроил бош вазири мамлакат ҳозир “анча кучайгани”ни таъкидлади.
2023 йил 7 октябрдан буён Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасида уруш давом этмоқда. Шу ҳафта Исроил ҳарбийлари “Рафаҳ” ўтказиш-назорат пунктининг Фаластин қисми устидан назорат ўрнатди. Шундан кейин АҚШ президенти Жо Байден агар Исроил армияси Рафаҳга кирса, АҚШ унга қурол етказиб бермаслигини маълум қилди. Пентагон ўша куниёқ Исроилга ҳарбий ёрдам тўхтатилганини тасдиқлади.
Шарҳлар