Ғарб мамлакатлари ўз фуқароларини Исроил ва Эронга бормасликка чақирмоқда
Бир нечта Ғарб мамлакатлари ўз фуқароларига мурожаат қилиб, Исроил ва Эрон ўртасида кескинлик кучаяётган бир пайтда ушбу мамлакатларга боришдан воз кечишга чақирди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Бундай огоҳлантиришларни Австрия, Германия, Канада, Италия, Франция ва Швейцария эълон қилди.
Австрия “минтақада яқин кунларда кескин вазият” юзага келишини кутмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги Эронга ташриф буюрмасликни тавсия қилди. Исроил учун Ғазо секторида давом этаётган уруш туфайли хавф тўғрисидаги огоҳлантириш амал қилишда давом этмоқда.
Германия ТИВ ўзининг Эрон, Исроил ва Фаластин ҳудудларига бормаслик ҳақидаги аввалги тавсияларини тасдиқлади. Фуқаролардан Эронни тарк этиш сўралмоқда.
Франция ТИВ ҳам ўз фуқароларини Эрон, Исроил, Фаластин ҳудудлари, шунингдек, Ливанга ташриф буюриш юзасидан огоҳлантирди. Идора буни “Яқин Шарқда ҳарбий эскалация хавфлари” билан изоҳлади.
Италия ТИВ ҳам минтақага мажбурий бўлмаган сафарлардан тийилиш ҳақидаги тавсияларини тасдиқлади. Дипломатик миссиялар хавфсизлик чораларини қабул қилди. Исроилга ташриф буюрмаслик тавсия этилган ахборотларини Швейцария ТИВ ҳам янгилади.
Бошқа бир қатор мамлакатлар аввалроқ фуқароларига минтақага бормасликни тавсия этганди, улар орасида АҚШ ва Буюк Британия ҳам бор.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси минтақадаги вазият туфайли Исроил ҳудудида бўлиб турган фуқаролардан эҳтиёткорлик ва хавфсизлик чора-тадбирларини кўриш ҳамда доимий равишда ҳушёрлик зарурлигини эслатган эди.
Айни пайтда Исроил яқин кунларда Эрон томонидан тўғридан-тўғри ҳужум бўлишини кутмоқда. 1 апрель куни Исроил авиацияси Эроннинг Дамашқдаги элчихонасига зарба берган, оқибатда Ислом инқилоби посбонлари корпусининг икки нафар генарали ва яна беш аъзоси ҳалок бўлган эди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг ҳужумини қоралаб, уни халқаро ҳуқуқларнинг қўпол равишда бузилиши деб атади. Шунингдек, Эрон жавоб реакцияси кўрсатиш ва “тажовузкорни жазолаш” борасида қарор қабул қилишини билдирди.
10 апрель куни Эрон диний етакчиси оятуллоҳ Али Хоменеий Теҳрон дипломатик миссияга ҳужумни “Eрон ҳудудига берилган зарба” деб баҳолаётганини ва шу сабабли, Исроил “жазоланиши шарт”лигини маълум қилди.
Аввалроқ Агар БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроилнинг Дамашқдаги Эрон элчихонасига берилган зарбасини қоралаб чиқса, Эрон жавоб зарбаси беришдан воз кечиши мумкинлиги ҳақида ислом республикасининг ташкилотдаги миссияси маълум қилган эди.
Шарҳлар