Ғазода 6 нафар асир ҳалок бўлгач, Исроилда ярим миллион одам намойишларга чиқди
Ғазо секторида олти нафар асирнинг, шу жумладан россиялик Александр Логиновнинг жасади топилганидан кейин юз минглаб исроилликлар бутун мамлакат бўйлаб норозилик акцияларига чиқди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Полиция билан тўқнашувлар юз берди. Ўнлаб одамлар қўлга олинди, яраланганлар бор.
Ташкилотчилар маълумотларига кўра, Тель-Авивда кўчаларга 300 минг киши чиққан, бошқа шаҳарларда яна 200 минг киши йиғилган. Crowd Solutions ҳисоб-китобларига қараганда, Тель-Авивда қарийб 280 минг киши намойишларда қатнашган. Бу сўнгги 18 ой ичидаги энг кўп сонли акциядир.
Намойишчилар Исроил ҳукумати ва бош вазир Биньямин Нетаньяхудан қолган асирларни уйга қайтариш учун ҲАМАС билан сулҳ тузишни талаб қилди. Митингда асирларнинг қариндошлари чиқиш қилди.
Ҳукумат билан мувофиқлаштирилган норозилик акциясидан кейин минглаб одамлар Аялон шоссесига чиқиб, ҳаракатни уч соатга тўсиб қўйди. Баъзилар гулханлар ёқиб, йўлларга тўсиқлар ўрнатди, тош ва метал буюмлар қўйди. Полиция ушбу акцияни ноқонуний деб эълон қилди ва намойишчиларни тарқатиш учун чоралар қўллади. Сув замбараклари ва ёруғлик шовқинли гранаталардан фойдаланилди. Бир неча киши жабрланди. Тель-Авивда 30 га яқин одам, Қуддусда эса беш киши ҳибсга олинди.
Шарҳлар