Исроилнинг Ливанга берган зарбаларининг қурбонлари 558 кишига етди
Душанба куни Исроилнинг Ливан жануби ва шарқидаги аҳоли пунктларига берган зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 558 кишига етган. Бу ҳақда мамлакат муваққат ҳукуматининг соғлиқни сақлаш вазири Фирас Абяд журналистларга маълум қилган.
“Ливаннинг турли ҳудудларида Исроил томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумлари натижасида қурбон бўлганлар сони 558 нафарга етди, улардан 50 нафари бола ва 94 нафари аёл”, — дейди Абяд.
Вазирнинг сўзларига кўра, ярадорлар сони 1835 нафарга етган.
Эслатиб ўтамиз, 23 сентябрь куни Исроил авиацияси Ливан жануби ва шарқидаги аҳоли пунктларига оммавий зарбалар беришни бошлаган эди. Ўнлаб қишлоқлар ва бир қатор ҳудудий аҳоли пунктлари зарбалар остида қолган. “Ҳизбуллоҳ” жангарилари ўз навбатида Исроил шимолига ўнлаб ракеталарни отган.
17 ва 18 сентябрь кунлари Ливаннинг турли қисмларида пейжерлар ва алоқа воситаларининг оммавий портлаши натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган ва 3 мингга яқин киши яраланганидан сўнг, ҳар икки томондан ўққа тутиш жадаллиги янада кучайган.
Шарҳлар