Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида юзлаб уйлар сув остида қолди
18 август куни сел келиши оқибатида Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятининг жанубий ва шимолий қисмини сув босди. Бу ҳақда “24.kg” хабар бермоқда.
Жети-Огуз туманидаги Кизил-Суу қишлоғида Чон-Кизил-Суу дарёси қирғоғидан тошиб, қўй қўрасини сув остида қолдирган. Бундан ташқари, Саруу қишлоғида сел оқимлари трассани қоплаб олиб, автомобиллар ўтишини қийинлаштирган.
Иссиқкўлнинг шимолий соҳилларида эса сел оқимлари Булан-Соготу, Корумду, Темировка қишлоқларини ва “Иссиқкўл Аврора” пансионати ҳудудини қоплаган — маҳаллий аҳолининг юзлаб ҳовли-жойлари сув остида қолган.
Воқеа жойига 80 дан ортиқ қутқарувчи, учта мотопомпа, учта экскаватор, тўртта юк ортгич машина ва битта бульдозер юборилган. Иссиқкўл вилоятида сел оқибатларини бартараф этиш учун жами 300 дан ортиқ одам жалб этилган.
Шарҳлар