Истанбулдаги католик черковига ҳужумда Тожикистон ва Россия фуқаролари гумон қилинмоқда
Истанбулдаги католик черковига ҳужум қилишда гумонланаётган икки киши қўлга олинди, бу ҳақда Туркия ички ишлар вазири Али Ерликая маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, гумонланувчилар Тожикистон ва Россия фуқароларидир; улар ИШИДга алоқадор деб тахмин қилинмоқда. Аввалроқ ИШИД ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олганди.
Ерликая хабар беришича, полиция ходимлари 30 та манзил бўйича тафтиш ўтказган, ҳужумга алоқадорликда гумонланиб жами 47 киши қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, 28 январь, якшанба куни ибодат вақтида Истанбулнинг Сариер туманида жойлашган Авлиё Мария католик черковига ниқоб кийган икки киши ҳужум қилди. Улар ўт очиб, сўнг воқеа жойидан қочиб кетди. Турсун Жиҳан исмли Туркия фуқароси ҳалок бўлди.
Истанбул губернатори Давут Гул ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳодиса юзасидан ҳамдардлик билдирди. Рим папаси Франциск ҳужумни қоралаб чиқди. Истанбул лотин-католик жамияти епископи Массимилиано Палинуро шаҳар маъмуриятини адолатни тиклаб, ҳодиса бўйича ҳақиқатни суриштириш ва фош қилишга чақирди.
Шарҳлар