Макрон Франция ҳукумати истеъфосини қабул қилди
Франция президенти Эммануэль Макрон 16 июль куни ҳукумат раҳбари Габриэль Атталь ва унинг вазирлар маҳкамасининг истеъфосини қабул қилди, деб ёзади DW. Бироқ янги вазирлар маҳкамаси тайинлангунига қадар, ҳозирги ҳукумат ўз ишини давом эттиради.
“Бу давр иложи борича тезроқ тугаши учун, республика сиёсий кучлари қўлни-қўлга бериб ишлаши ҳамда француз халқи манфаатларига тўғри келадиган лойиҳалар ва ечимлар атрофида ягона фронт яратиши керак”, — дейилади Елисей саройи баёнотида.
Франция бош вазири Атталь парламент сайлови натижалари маълум бўлганидан кейин кўп ўтмай, 8 июль куниёқ истеъфо ҳақида ариза берган эди. Ўшанда президент Макроннинг марказчилар блоки иккинчи ўринни эгаллаб, Миллий мажлисда кўпчилик ўринни қўлдан бой берган эди. Аммо Франция президенти Атталнинг аризасини рад этган эди.
Сайловда “Янги халқ фронти” сўл коалицияси биринчи ўринни эгаллади ва 182 та депутатлик мандатини қўлга киритди.
Шарҳлар