Қизил денгизда уч кундан бери хутийлар ҳужумига учраган грек танкери ёнмоқда
Европа Иттифоқининг Қизил денгиздаги Aspides денгиз миссияси томонидан якшанба куни эълон қилинган сунъий йўлдош тасвирларида Sounion кемасидан чиқаётган тутун ва алангада ичида қолган кема кўринмоқда.
Бир неча кун аввал Европадан Осиёга борадиган асосий денгиз йўли бўйлаб Греция байроғи остида сузиб кетаётган танкер хутийлар томонидан ҳужумга учраган эди. Экипаж Sounion кемасини тарк этишга мажбур бўлган.
Ҳутийлар Исроилнинг Хамас билан уруши бошланганидан бери Қизил денгизда мунтазам равишда кемаларни ўққа тутмоқда.
Жума куни кечқурун Британиянинг United Kingdom Maritime Trade Operations ҳарбий маркази Sounion кемасида ёнғин ҳақида хабар берган.
«UKMTO кемада учта олов ўчоғи аниқлангани ҳақида хабар олди. Кема оқим билан кўчиб юрганга ўхшайди», – дейилади марказ баёнотида.
Экипаж таркибида 25 нафар филиппинлик ва тўрт нафар россиялик фуқаро бўлган. Пайшанба куни француз эсминеци уларни Sounion кемасидан олиб, яқин атрофдаги Жибути портига етказган.
150 минг тонна хом нефтни олиб кетаётган ёнаётган танкер жиддий экологик хавф туғдиради, дея огоҳлантиради Aspides.
“Ҳудуддаги ҳар бир киши эҳтиёт бўлиши ва ҳозирги вазиятни ёмонлаштирадиган ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши зарур”, — дея қўшимча қилади у ва нефть сизиб чиқиши ҳали қайд этилмаганини таъкидлайди.
Жума куни ҳутийлар танкердаги портлаш акс этган видео тасвирларни эълон қилишди. The Associated Press томонидан кадрма-кадр таҳлили шуни кўрсатдики, Sounion кемасида бир вақтнинг ўзида учта портлаш содир бўлган. Бу портлаш ракета ёки дрон ёрдамида эмас, балки ўрнатилган портловчи моддалар ёрдамида амалга оширилганлигини кўрсатмоқда.
Шарҳлар