Нигерияда жангарилар 150 дан ортиқ кишини ўғирлаб кетди
Нигериянинг марказий Нигер штатидаги Кучи қишлоғига жангарилар ҳужум қилди, оқибатда саккиз киши ўлдирилиб, 150 дан ортиқ одам ўғирлаб кетилди, деб ёзади DW.
Округ маъмурияти раҳбари Амину Нажуме маълум қилишича, ҳужум қилган шахслар қўшни Кадуна штатидан тахминан 100 та мотоциклда кириб келган, уларнинг ҳар бирида учтадан одам бўлган. Маҳаллий мансабдор Нигерия ҳуқуқ-тартибот органларини танқид қилди, улар уч соат давом этган ҳужум чоғида қишлоқ аҳолисига ёрдамга етиб келмаган.
AFP’нинг БМТдаги манбаси ҳам Кучидан ўғирлаб кетилганлар сонини тахминан 150 киши деб баҳоламоқда. Аммо Нигерия фавқулодда вазиятлар давлат агентлиги 100 дан ортиқ киши, дея бошқача рақамларни келтирмоқда.
Нигерияда фаолият олиб борувчи “Боко Ҳарам” ва “Ислом давлатининг Ғарбий Африка вилояти” каби экстремистик гуруҳлар одамларни, шу жумладан, болаларни ўғирлаш амалиётини кенг қўллайди. Нигерия армияси жангариларга қарши операциялар ўтказади ва баъзан асирларни озод этишга муваффақ бўлади.
Шарҳлар