Японияда илк бор генлари ўзгартирилган чўчқалар етиштирилди, уларнинг аъзоларини одамга кўчириб ўтқазиш мумкин
Япониянинг PorMedTec компанияси илк бор гени ўзгартирилган учта чўчқани етиштирганини маълум қилди, уларнинг аъзолари инсон трансплантацияси учун мос келади, деб ёзади The Japan Times.
Уларда иммунитетни рад этиш хавфи камроқ, бу эса келажакда трансплантация қилиш учун йўл очади.
АҚШнинг eGenesis биотехнологиялар компанияси аъзоларидан иборат гуруҳ чўчқаларни сентябрь ойида АҚШ компанияси томонидан уларга тақдим этилган ҳужайралар ёрдамида кўпайтирган. Уларнинг ядролари тухумдонга ўтказилиб, генетик жиҳатдан ўзгартирилган эмбрионлар яратилган. Кейин улар клонланган чўчқа болаларини ишлаб чиқариш учун суррогат чўчқа онанинг бачадонига жойлаштирилган.
Февраль ойида учта клонланган чўчқа қоринни ёриб олиш йўли билан туғилган. Уларда 10 хил ўзгартирилган генлар мавжуд бўлиб, улар келажакда инсонга кўчириб ўтказилса, органларни рад этишнинг олди олинади.
«Японияда ксенотрансплантацияни амалга ошириш узоқ вақтдан бери кутилган эди, аммо у асосий тадқиқот босқичида турганди, чунки клиник синовга дош бера оладиган чўчқалар фақат ишлаб чиқиш босқичида эди», деди PorMedTec баёнотида.
Чўчқалар улғайгач, уларнинг органларини маймун каби бошқа ҳайвонларга кўчириб ўтказиш мумкинлигини ўрганиш учун Япониядаги илмий муассасаларга тақдим этилади.
Олимлар ҳайвонларнинг ҳужайра ва органларини одамга кўчириб ўтказиш (ксенотрансплантация) дунёда орган донорлари етишмаслиги муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради, деб умид қилмоқда.
Шарҳлар