2023 йилда Европада қарийб 48 минг киши жазирамадан вафот этган
Барселона глобал соғлиқни сақлаш институти (ISGlobal) эълон қилган тадқиқот натижаларига кўра, 2023 йилда Европанинг 35 та мамлакатида жазирама туфайли 47,7 минг киши ҳалок бўлган. Маълумотлар 2023 йил июнидан октябригача бўлган даврга тааллуқли. Ҳаво ҳарорати энг кўп Греция, Болгария ва Италияда ўлим даражасига таъсир ўтказган.
2023 йилда ўлим даражаси 2022 йилдагидан пастроқ бўлган. Тадқиқотчилар буни 2023 йилда ундан аввалги йил ёзидагидек йирик ҳарорат аномалиялари бўлмагани билан боғламоқда. 2023 йилда ўлимларнинг 57 фоизи (27 мингтаси) июл ўрталари ва август охирига тўғри келган, ўшанда Европа мамлакатлари энг кескин жазирама тўлқинларига тўқнаш келган.
Тадқиқот учун олимлар бутун 2023 йил учун 35 та Европа давлатининг 823 та ҳудудидаги ҳарорат ва ўлим кўрсаткичлари ҳақидаги қайдлардан фойдаланган. Эпидемиологик моделларни ҳосил қилиш учун тадқиқотчилар 2015—2019 йиллар бўйича худди шу маълумотлардан фойдаланди.
Шарҳлар