“Экономическая правда” нашри: IKEA концерни Украинага қайтмоқда
Швециянинг машҳур ритейлери мебель ва уй-рўзғор буюмларини ишлаб чиқарувчи IKEA компанияси Украинага қайтмоқда. Бу ҳақда 27 июнь, пайшанба куни Украинанинг “Экономическая правда” газетаси ўз манбаларига таяниб хабар берди.
“Техник тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ишнинг бошланиш санаси (Украинадаги IKEA – Таҳрир) ҳозирча номаълум”, — деган суҳбатдошлардан бири.
Жорий йил апрель ойида нашр IKEA ўша пайтда Украина бозорига қайтиш мавзусини муҳокама қилишга тайёр эмаслиги ва мавжуд вазиятнинг потенциал операцион фаолиятга таъсирини ўрганаётгани ҳақида ёзган эди.
IKEA уруш бошланганидан бери Украинада фаолият кўрсатмаяпти
IKEA Россия Украинага бостириб кирганидан кейин биринчи куни ўзининг Украинадаги барча олтита заводида сотиш ва ишлаб чиқаришни тўхтатди. Ритейлер келиб чиқиши Украинаники бўлган ёғочдан фойдаланишдан ҳам бош тортди. Украина матбуотига кўра, бу қарор компания томонидан 24 февралдан кейин «ёғочнинг қонунийлигини текшириш имкони йўқлиги» билан изоҳланган.
“Форбс” журналининг 2022 йил сентябридаги Украина версиясига кўра, ритейлер Украинадаги фаолиятини “имкон қадар тезроқ” тиклашга интилмоқда ва ўз маҳсулотларини етказиб берувчиларни қўллаб-қувватлаш имкониятларини кўриб чиқмоқда.
IKEA 15 йилдан бери Украина бозорига киришга ҳаракат қилди, аммо фақат 2020 йилда у онлайн савдони йўлга қўйишга муваффақ бўлди ва 2021 йилда Киевда ўзининг биринчи жисмоний дўконини очди.
IKEA Россияни икки йил олдин бутунлай тарк этди
2022 йил июнь ойида IKEA Россия бозорини тарк этиш қарорини етказиб бериш занжиридаги мураккаб вазият билан тушунтирди.
“Афсуски, вазият яхшиланмади ва ҳалокатли уруш давом этмоқда. Сўнгги бир неча ой ичида бутун дунё бўйлаб бизнес ва таъминот занжирининг ҳолати сезиларли даражада ёмонлашди. Шуларни ҳисобга олиб, биз ўз фаолиятимизни қайта тиклаш имкониятини кўрмаяпмиз”, — деганди ўшанда Россиядаги барча IKEA дўконларига эгалик қилувчи Ingka Group.
Россиядаги IKEA ходимларидан август ойи охиригача маошларини сақлаб қолган ҳолда томонлар келишувига кўра ишдан бўшашлари сўралган ва Швеция компаниясининг заводлари бошқа эгасига сотилиши хабар қилинган эди. Россия оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, IKEA раҳбарияти Россия бозорини тарк этиш қарорини компаниянинг бутун тарихидаги энг қийин қарорлардан бири деб атади, аммо «Россияга қайтишга умид қилмоқда, аммо бу қачон амалга ошиши аниқ эмас».
IKEA Россияда биринчи дўконини 2000 йилда очган. 2022 йилда Россияда IKEA бренди остида 17 та дўкон ва саккизта студия ишлаган, компания ходимлари деярли 15 минг кишини ташкил этган. Ўша йилнинг март ойи бошида IKEA Украинадаги уруш шароитида Россия ва Белоруссияда ишни тўхтатганини эълон қилди. Россиядаги тармоқ дўконлари, онлайн-дўконлари ва IKEA студияларида 4 мартдан сотувлар тўхтатилди.
Шарҳлар