Эрдўған Ғарбни Россия билан можарони “назорат қилиб бўлмайдиган даражада кескинлаштириш”да айблади
Ғарб давлатларининг Россияга нисбатан салбий муносабати Украинадаги ҳарбий можаронинг тинч йўл билан ҳал қилинишига тўсқинлик қилмоқда ва урушни “назорат қилиб бўлмайдиган даражада кескинлаштирмоқда”, дейди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған.
“Баъзи Ғарб иттифоқчиларининг Россияга муносабати оловга фақат ёғ қуйди. Бу Украинага фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирди”, — дейди Эрдўған Newsweek журналига берган интервьюсида.
Унинг таъкидлашича, Туркия бошқа НАТО давлатларидан фарқли ўлароқ, «можаронинг ҳар икки томони билан мулоқот олиб бормоқда, тинчликни яқинлаштиришга ҳаракат қилмоқда». “Табиийки, биз Россия президенти Владимир Путин билан ҳамма нарсада ҳамфикр эмасмиз. Аммо бизда муаммоларни муҳокама қилиш ва уларни ҳал қилиш тафсилотларини ўрганиш имконияти бор”, — дейди Эрдўған. У 2022 йилда Туркия Анталия ва Истанбулда тинчлик музокаралари учун платформалар тақдим этганини эслатди.
Шу билан бирга, Туркия президенти НАТО ва Россия ўртасида тўғридан-тўғри қарама-қаршилик хавфидан хавотир билдирди. «Бундай натижага олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай қадамлардан онгли равишда қочиш керак», дея таъкидлади Туркия раҳбари.
Шарҳлар