Эрдўған Исроил билан 9,5 млрд доллар миқдоридаги савдо айланмаси тўхтатилишини тасдиқлади
Туркия Савдо вазирлиги мамлакат Исроил билан экспорт ва импорт операцияларини бутунлай тўхтатганини тасдиқлади. Департаментнинг аниқлик киритишича, чеклов чоралари Исроил Ғазода ўт очишни тўхтатиб, анклавга “узлуксиз ва етарлича гуманитар ёрдам оқимини” таъминламагунича давом этади, деб ёзади ТАСС.
Вазирликнинг эслатишича, Туркия 9 апрелдан бери Исроилга 54 та гуруҳ товарларининг экспортини чеклаган. Бироқ, турк томони таъкидлаганидек, “Исроил ҳукумати ўзининг агрессив сиёсатини давом эттирмоқда ва Фаластиндаги инсонпарварлик фожиаси тобора кучайиб бормоқда”. «Шу муносабат билан давлат даражасида кўрилган чора-тадбирларнинг иккинчи босқичини амалга ошириш бошланди ва Исроил билан экспорт-импорт операциялари барча товарлар гуруҳлари бўйича тўхтатилди», – дейилади Савдо вазирлигининг Х ижтимоий тармоғида чоп этилган баёнотида.
Исроил ташқи ишлар вазири Исраэль Кац Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни савдо келишувларини бузганликда айблади. “Диктатор турк халқи ва бизнеси манфаатларини менсимай, халқаро савдо келишувларини эътиборсиз қолдириб, ўзини шундай тутади”, деб ёзади вазир ижтимоий тармоқда. У Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Туркия билан савдо қилиш учун муқобил йўл излашига ваъда берди.
Шарҳлар