Эрон Исроилга ҳужум қилмасликка чақириқларни рад этди

Фото: Euronews

Франция, Германия ва Буюк Британия Исроил ва Хамас ўртасидаги можарога барҳам бериш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлади.

Европа етакчилари Эрон ва унинг иттифоқчиларини июль ойи охирида Теҳронда Хамас сиёсий етакчиси Исмоил Хония ўлдирилиши ортидан ўч олишдан тийилишга чақирди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги бу чақириқни рад этиб, уни халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид ва исроилпарастлик деб атади. Вазирлик вакили Носир Канааний Эрон Исроилни тийиб туришга қатъий қарор қилганини ва Европа давлатларини Ғазодаги урушга қарши қатъийроқ муносабатда бўлишлари кераклигини билдирди.

IRNA давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, Эрон президенти Масуд Пезешкиан Британия Бош вазири Кей Стармер билан телефон орқали мулоқотда халқларнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига урғу берган ва Эроннинг жавоби тажовузни тўхтатишга қаратилганини айтган.

Франция президенти Эммануэль Макрон, Германия канцлери Олаф Шольц ва Буюк Британия бош вазири Кей Стармер томонидан чиқарилган қўшма баёнотда Қатар, Миср ва АҚШнинг сулҳга эришиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича воситачилик ҳаракатлари қўллаб-қувватланди.

Европа етакчилари Яқин Шарқда кескинлик кучайиб бораётганидан чуқур хавотир билдирди ва минтақада барқарорлик учун кескинликни юмшатишга чақирди.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.