Эрон Ливанга тажовуз қилса, Исроилни уни йўқ қилиши билан таҳдид қилмоқда
Эроннинг БМТдаги миссияси агар Исроил Эронпараст Ҳизбуллоҳ гуруҳи жойлашган Ливанга ҳужум қилса, бу «тўлиқ миқёсли ҳарбий тажовуз, кейин эса уни йўқ қилиш» бўлишини айтди.
Баёнот Исроилдаги мухолифат етакчиларидан бири Бенни Гантснинг 25 июнь куни Исроил армияси бир неча кун ичида “Ҳизбуллоҳ” радикал шиа гуруҳининг ҳарбий қанотини йўқ қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганидан кейин эълон қилинди. «Биз Ливанни бутунлай зулматга чўмдира оламиз», – дея сиёсатчининг сўзларидан иқтибос келтиради The Jerusalem Post.
22 июнь куни CNN телеканали АҚШ расмийлари Ҳизбуллоҳ билан кенг кўламли уруш бошланган тақдирда Исроилга ёрдам беришга ваъда бергани ҳақида хабар берди. Аввалроқ Британиянинг The Telegraph нашри Эрон “Ҳизбуллоҳ” ракеталарини Байрут халқаро аэропорти орқали етказиб бергани ҳақида ёзган эди. 2023 йил октабрь ойида Исроилнинг Хамас террорчилик гуруҳига қарши уруши бошланганидан бери Ҳизбуллоҳ Исроил шимолини бир неча бор ўққа тутди.
Шарҳлар