Эрон полицияси омма олдида ҳижобсиз қўшиқ айтган видеоклиплари фаол қизни ҳибсга олди
Эрон хавфсизлик хизмати фаол Зара Исмоилийни ҳижобсиз омма олдида куйлаган видеоклиплари учун ҳибсга олди. Бу ҳақда “Медиазона” хабар беради.
Нашрнинг аниқлик киритишича, қиз 3 август, шанба куни қўлга олинган. Айни дамда унинг қаерда эканлиги номаълум.
Исмоилий метро ёки боғлар каби жамоат жойларида ҳижобсиз қўшиқ куйлаётгани акс этган видеоларни суратга олиш орқали мамлакатда шуҳрат қозонган. Унинг сўнгги шундай видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалган.
Эронда аёлларнинг жамоат жойларида қўшиқ айтиши ва рақсга тушиши 1979 йилдан бери тақиқланган. Бу қоида ислом шариатининг талқини бўлиб, у аёлнинг овози “провокацион” ва “беҳаё” деб ҳисоблайди.
Сўнгги пайтларда мамлакатда санъаткорларга нисбатан қатағонлар кучайган. Шундай шов-шувли ишлардан бири 2022 йил октябрь ойида ҳибсга олинган эронлик рэпер Тумаж Солиҳийнинг жиноий жавобгарликка тортилиши бўлди. У руҳонийларга қарши намойишларни қўллаб-қувватлагани учун «ер юзида коррупцияни тарқатишда» айбланган. 2023 йилда у олти йил-у уч ойга озодликдан маҳрум этилган.
2024 йил апрель ойида эса инқилобий суд ишни кўриб чиқиб, мусиқачини ўлимга ҳукм қилди, бироқ икки ой ўтиб Ислом Республикаси Олий суди бу қарорни бекор қилди.
Аммо Солиҳий ҳамон ҳибсда қолмоқда, бундан ташқари, унга «ёлғонни тарқатиш» ва «режимга қарши ташвиқот» айбловлари қўйилган.
Шарҳлар