Эрон ТИВ: Барча далиллар Исмоил Хониянинг ўлимига Исроилнинг алоқаси борлигини кўрсатмоқда

Фото: ВВС

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Исроилни Хамас сиёсий бюроси раҳбари Исмои Хонияни ўлдирганликда гумон қилаётганини билдирди. Вазирлик вакили Носир Кананийнинг сўзларига кўра, тўпланган барча далиллар «сионистик режим»га ишора қилади. Шу билан бирга, у Ислом Республикаси кескинликни изламаётганини ҳам таъкидлади.

Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар ҳам қотилликка алоқадор, чунки “унинг вазифаси қурол етказиб беришни тўхтатиш ва қотилликлар ва жиноятларнинг олдини олиш учун сионистик режимга босим ўтказишдир”.

“Исроилдан бошқа ҳеч ким бу қотилликдан наф кўрмади ва сионистик режимнинг баъзи расмийларининг баёнотлари буни тасдиқлайди”, дейди Носир Кананий IRIB телеканали томонидан эфирга узатилган матбуот анжуманида (ТАСС иқтибоси). Унинг айтишича, Исроил минтақадаги беқарорлик сабабчиси ҳисобланади.

“Эрон Ислом Республикаси минтақадаги кескинликни кучайтирмоқчи эмас. Агар Эрон тажовузкорни жазолаш ҳуқуқи ҳақида гапирса, бу фақат хавфсизликни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган ҳаракат бўлади”, — деди Носир Кананий Эроннинг Исмоил Хония ўлдирилишига қандай муносабат билдириши ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

31 июль куни Теҳронда Хамас сиёсий бюросининг раҳбари Исмоил Хония ўлдирилган. Эртаси куни сиёсатчи билан видолашув маросими Қатардаги энг катта масжидда бўлиб ўтди. Шу билан бирга, Ироқ, Яман ва Ливан жангариларини ўз ичига олган эронпараст “Қаршилик ўқи” Исроилга “шаҳиднинг қони учун” мумкин бўлган жавоб чораларини муҳокама қилган, дея хабар беради Reuters.

Исроилнинг ўзи қотиллик учун жавобгарлик ҳақида гапирмади, балки Эрондан ҳужум кутиб, барча кучларини шай ҳолатга келтирди. Исроилликлар ўзларининг иттифоқчилари, биринчи навбатда, АҚШ ва Буюк Британия билан ҳам тактикани муҳокама қилишди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.