Эстония, Латвия ва Литва Россияни минтақада GPS сигналларини тўсишда айблади
Болтиқбўйи давлатлари ташқи ишлар вазирлари Болтиқ денгизи минтақасида GPS сунъий йўлдош-навигация тизими тўсиб қўйилиши сабабли самолётлар ҳалокатга учраши хавфидан огоҳлантирди, улар бунда Россияни айбламоқда. Бу ҳақда DW хабар беради.
«Россия чегаралари яқинидаги Болтиқбўйи минтақасида вазият жуда хавфли бўлиб бормоқда», – дейди Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис.
«Биз GPS билан нима содир бўлаётганини Россиянинг душман ҳаракатларининг бир қисми сифатида кўрмоқдамиз ва биз буни иттифоқчиларимиз билан албатта муҳокама қиламиз», – деди Эстония ташқи ишлар вазирлигининг раҳбари Маргус Цахкна. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳаракатлар “гибрид ҳужум бўлиб, халққа ва хавфсизликка таҳдид солади, бунга тоқат қилиб бўлмайди”.
Латвия ташқи ишлар вазири Байба Браженинг қўшимча қилишича, Болтиқбўйи мамлакатлари GPS билан “ҳодисалар”га жиддий ёндашади ва бу масала бўйича “бошқа давлатлардаги ҳамкасблари билан алоқада”.
GPS носозликлари Финляндиянинг иккита самолётининг Эстонияга етиб боришига тўсқинлик қилган
25 ва 26 апрель кунлари Финляндиянинг Finnair миллий авиакомпаниясининг Хельсинкидан Эстониянинг Тарту шаҳрига учаётган иккита самолёти GPS тизимидаги носозликлар туфайли Финляндияга қайтишга мажбур бўлган.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги ойларда ўн минглаб фуқаролик рейслари GPS тўсиб қўйилишидан зарар кўрган. Болтиқ денгизи ҳудудидаги барча навигация тизими фойдаланувчиларига таъсир қилган шовқин, шунингдек, кемалар томонидан ишлатиладиган сигналларнинг узатилишига ҳам тўсқинлик қилган.
FT билан суҳбатлашган экспертлар GPS сигналлари нисбатан арзон ускуналар ёрдамида тўсиб қўйилиши мумкинлигини қайд этишади.
Ҳеч бир давлат GPSга халақит бергани учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади, бироқ Болтиқбўйи минтақасида Россия шу йўл билан Калининградни Украина дронларининг эҳтимолий ҳужумларидан ҳимоя қилишга уринмоқда, деб ўйлашмоқда.
2024 йил март ойида бортида Британия мудофаа вазири Грант Шэппс бўлган Қироллик ҳаво кучлари самолёти Польшадан қайтаётиб, Калининград яқинида парвоз қилаётганда GPS сигналини йўқотганди.
Шарҳлар