Германияда жосусликда гумонланиб, Россия, Арманистон ва Украина фуқаролари қўлга олинди
Германияда чет эл махсус хизматлари фойдасига агентура фаолиятини амалга оширишда гумонланиб, уч киши — Украина, Арманистон ва Россия фуқаролари ҳибсга олинди, деб ёзади DW Бош прокурор идорасига таяниб. Улар айнан қайси мамлакат разведкаси учун ишлаганига аниқлик киритилмаган.
Таъкидланишича, украиналик Роберт А., арманистонлик Вардгес И. ва россиялик Арман С. 19 июнь Франкфурт-Майнда қўлга олинган.
Айбланувчилар чет эл разведка хизмати топшириғи билан Германияга “бу ерда бўлиб турган украиналик одам ҳақида маълумот” йиғиш учун келган, қўлга олинган куни улар Франкфур-Майнда бу одам келиши керак бўлган кафени кузатаётган эди, дейилади Германия Бош прокурори идораси хабарида.
Ўз навбатида, Der Spiegel “хавфсизлик хизмати”га таяниб ёзишича, агент деб гумон қилинаётганлар “украиналик одам” билан Франкфуртдаги кафеда учрашишга келишган, бироқ у ўзига суиқасд уюштирилишидан шубҳа қилиб, полицияга хабар берган. Бу одам “ўз ватанида россияликларга қарши курашгани” айтилмоқда.
Шарҳлар