WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж Британия қамоқхонасидан озод этилди
Лондон Олий суди 2019 йилдан буён Лондоннинг Белмарш қамоқхонасида сақланиб келган WkiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни гаров эвазига озод этди. WikiLeaks вакиллари хабар беришича, у Австралияга — рафиқаси ва фарзандларининг олдига жўнаб кетган. Ташкилот журналист АҚШ прокуратураси билан битим тузганини тасдиқлади.
“Бу матбуот эркинлиги учун курашчилар, қонун чиқарувчилар ва бутун сиёсий спектрдан етакчилар, ҳатто БМТ иштирокидаги глобал кампания натижасидир. Бу АҚШ Адлия вазирлиги билан давомий музокаралар олиб бориш учун шароит яратиб берди, натижада битим тузилди, у ҳали расман якунлангани йўқ. Биз иложи борича тезроқ қўшимча маълумот тақдим этамиз”, — дейилади WikiLeaks хабарида.
ОАВлар ёзишича, АҚШ прокуратураси билан битим доирасида Жулиан Ассанж миллий мудофаа ҳақидаги ахборотни қўлга киритиш ва фош этиш мақсадида тил бириктирган айбловини қисман тан олади. АҚШ судининг 26 июнь куни бўлиб ўтадиган мажлисида прокуратура сўрови билан унга 62 ой қамоқ муддати тайинланиши кутилмоқда. Битимга мувофиқ, Лондон қамоқхонасида ўтказилган беш йил ҳисобга олинади.
WikiLeaks — Жулиан Ассанж томонидан 2006 йилда асос солинган сайт бўлиб, махфий маълумотларни эълон қилишга ихтисослашган. 2010 йилда сайтда Ироқ ва Афғонистондаги низоларга алоқадор маълумотлар жойланган. АҚШ журналистга махфий ахборотни фош қилганлик ва уни қўлга киритиш учун тил бириктирганлик учун 18 та модда бўйича айбловлар эълон қилди. Ушбу айбловлар бўйича у 175 йилга қамоққа ҳукм қилиниши керак эди.
2012 йил июнидан Жулиан Ассанж Лондондаги Эквадор элчихонаси ҳудудида яшаган. 2019 йил апрелида Эквадор уни дипломатик бошпанадан маҳрум қилди. Шундан кейин WikiLeaks асосчиси Британия полицияси томонидан қўлга олинди, сўнг Белмарш қамоқхонасига ўтказилди. Ўшандан буён у АҚШга экстрадиция қилинмаслик учун курашиб келаётган эди.
Шарҳлар