Камала Харрис Дональд Трамп билан телевизион мунозарада ғолиб чиқди

Фото: BBC

АҚШ президентлигига номзодлар – Камала Харрис (Демократик партия) ва Дональд Трамп (Республикачилар партияси) ўртасида Филадельфияда ўтказилган телевизион мунозара натижаларига кўра, телетомошабинларнинг аксарияти Харрисни ғолиб деб тан олди.

АҚШнинг бир қатор медиа компаниялари буюртмаси бўйича 10 сентябрда ўтказилган сўровга кўра, респондентларнинг 45 фоизи Харрисни афзал кўрган бўлса, 39 фоизи Трампни танлаган.

Бу натижалар теледуэлни томоша қилган рўйхатга олинган сайловчилар жавобларини таҳлил қилиш асосида олинган. Шу билан бирга, сўровда қатнашганларнинг 44 фоизи амалдаги вице-президент Харрисга салбий муносабатда бўлса, Оқ уй собиқ раҳбари Трампга нисбатан 51 фоиз салбий муносабат билдирган.

Диққатга сазовор жиҳати шундаки, бир жиҳатдан Дональд Трамп Камала Харрисдан анча ўзиб кетди: респондентларнинг 55 фоизи Трампни иқтисодий масалаларда кўпроқ малакали деб ҳисоблашларини айтишди. Сўралганларнинг атиги 35 фоизи Харрисни бу соҳада кўпроқ малакали деб атади.

Бундан ташқари, сўровда иштирок этганларнинг 82 фоизи теледуэль уларнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларидаги овоз беришларига таъсир қилмаслигини таъкидлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.