Канада Украинага 70 млн долларлик 800 та дрон юборади
Канада Украинага жами қиймати 70 миллион доллардан ошадиган 800 дан зиёд SkyRanger R70 кўп мақсадли учувчисиз учар қурилмаларни йўналтиради. Бу ҳақда Канада мудофаа вазири Уильям Блэр маълум қилди. Дронлар 595,6 миллион долларлик ёрдам пакети доирасида етказиб берилади.
“Бугунги эълонимиз Украинада мамлакат учун ўта муҳим бўлган, нишонларни аниқлаш учун зарур учувчисиз учар қурилмалар бўлишини кафолатлайди”, — деди Блэр.
Reuters қайд этишича, Украинада ҳарбий операция бошланганидан буён Канада Украинага 9,7 миллиард Канада доллари (7,1 миллиард АҚШ доллари)дан ортиқ ёрдам ажратган. Шунингдек, у украиналик аскарларни тайёрлаш учун ўз ҳарбийларини Европага юборган ҳамда 175 мингдан ортиқ украиналик қочқинларни қабул қилган.
Канада ҳукумати 2023/24 молия йилида Украинага ҳарбий ёрдам учун 816 миллион Канада доллари (595,6 миллион АҚШ доллари), 2024/25 молия йилида — 318 миллион (232,1 миллион доллар), 2025/26 молия йилида эса 197 миллион (143,8 миллион) ажратиш кўзда тутилганини маълум қилганди.
Шарҳлар