«Капитан Лобанов» траулери экипажи аъзосининг қариндоши кемага Россия ҳарбий денгиз флотининг ракетаси тушганини тасдиқлади

Фото: Лев Федосеев/ТАСС

19 март куни “Капитан Лобанов” балиқ овлаш траулерига ракета тушиши оқибатида уч нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлди, яна тўрт нафари яраланди. Бу ҳақда «Дождь» телеканалига экипаж аъзоларидан бирининг қариндоши маълум қилди.

Манбанинг сўзларига кўра, траулерга келиб тушган ракета Болтиқ флоти ўқув машғулотлари чоғида учирилган. Воқеадан бир неча дақиқа олдин траулер экипажи аъзолари ухламоқчи бўлган, шу пайт капитан рубкасига ракета тушган.

Маҳаллий ҳокимиятнинг расмий хабарларига кўра, траулер бортида ёнғин чиққан, ҳодиса сабаблари ҳозирча номаълум. Бундан ташқари, расмийлар фақат битта ўлим ҳақида хабар берган.

“Омон қолганларни олиб кетишганда, ҳамма уч киши ҳалок бўлганини жуда яхши биларди. Ҳамма ракета урилганини ҳам жуда яхши биларди. Аммо улар «ёнғин» содир бўлганини ёзишга қарор қилишди. Қизиқ, капитан рубкаси бутунлай йўқ бўлган бўлса, бу қандай ёнғин бўлиши мумкин», – дейди “Дождь” манбаси.

Омон қолганлар Пионерск шаҳридаги касалхонага юборилган, жабрланганлардан бири оғир аҳволда. Манбага кўра, касалхонада қурбонлар ФСБ ходимлари томонидан сўроқ қилинган ва улар экипаж аъзоларидан “ҳодиса ҳақида гапирмасликни” сўрашган.

Манбага кўра, яна бир ракета «Капитан Лобанов» траулеридан унча узоқ бўлмаган МРТК компаниясининг саноат кемаси яқинидаги балиқ овлаш тўрларига тушган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.