Венесуэлада сайлов натижалари туфайли намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди
Венесуэла пойтахти Каракасда мухолифат тарафдорлари президент сайлови натижаларидан норози бўлиб намойишга чиқди, унда Николас Мадуро учинчи марта ғолиб чиққан эди, деб ёзади “Коммерсантъ”.
Каракас кўчаларидаги норозиликлар 29 июль куни кечқурун бошланган. Марказий кўчалардан бирида кўп марта ўқ овозлари янграган. Миллий ассамблея ва Миллий сайлов комиссияси биноларини қўриқлаш кучайтирилган, президент саройи ҳарбийлар билан ўраб олинган.
Митингда минглаб одамлар қатнашмоқда. Улар “Озодлик” ва “Бу ҳукумат қулайди” шиорларини баралла айтмоқда, устунлардан Николас Мадуронинг президентлик кампанияси ташвиқот плакатларини йиртиб олиб, уларни ёқиб юборган, шунингдек, полиция ходимларига тош улоқтирган. Намойишчиларни тарқатиб юбориш учун Венесуэла хавфсизлик кучлари кўзни ёшлантирувчи газ ва резина ўқлар қўллаган.
Венесуэла мухолифатидан номзод Эдмундо Гонсалес намойишчилар қаршисида нутқ сўзлар экан, сайловларда у ғолиб чиққанини исботловчи далиллар борлигини айтди. “Сизларга чин кўнгилдан айтаманки, қўлимизда ҳисоб-китоб рўйхатлари бор, улар бизнинг мутлақ ва статистик жиҳатдан рад этиб бўлмайдиган ғалабамизни кўрсатади”, — деди у.
Венесуэла президенти сайлови 28 июль куни бўлиб ўтди. 29 июль куни кечқурун Миллий сайлов кенгаши Николас Мадурони расман ғолиб деб эълон қилди. Бюллетенларнинг 80 фоизи ҳисоблаб чиқилгач, Мадуро 51,2 фоиз, унинг асосий рақиби Эдмундо Гонсалес эса 44,2 фоиз овоз тўплаган.
Шарҳлар