Карл III унга саратон ташхиси қўйилганидан кейин биринчи марта омма олдида кўриниш берди
Буюк Британия қироли Карл III унга саратон ташхиси қўйилганидан кейин биринчи марта омма олдида кўриниш берди, деб хабар қилади Sky News телеканали.
Қирол Норфолк графлигида авлиё Мария Магдалина черковига келган вақтида тўпланганларга қарата қўл силкитиб қўйди. Унга қиролича Камилла ҳамроҳлик қилди. Қирол қўлида соябон билан юриб, вақти-вақти билан ундан ҳасса сифатида фойдаланди.
75 ёшли Карл III да саратон аниқлангани ҳақида Букингем саройи 5 февраль куни маълум қилганди. Касалликнинг турига аниқлик киритилмади. Аммо мамлакат бош вазири Риши Сунак ташхис илк босқичда қўйилганини айтди.
Эртаси куни — 6 февралда монарх билан учрашиш учун Британияга унинг кенжа ўғли шаҳзода Гарри учиб келди. У 2020 йилда рафиқаси Меган Маркл билан қироллик ваколатларидан ўзини соқит қилиб, АҚШга кўчиб кетганди.
8 февраль куни эса қиролича Камилла турмуш ўртоғи даволаниш курсини бошлаганини ва ўзини жуда яхши ҳис қилаётганини билдирди.
Карл III 2022 йил сентябрида онаси Елизавета II нинг ўлимидан кейин тахтга ўтирган эди.
Шарҳлар