Катталиги бўйича Европанинг учинчи туроператори ҳисобланган FTI компанияси банкрот бўлди

Фото: FTI

Германиянинг сайёҳлик гиганти FTI компанияси ўзини банкрот деб эълон қилди, унинг FTI Touristik GmbH деб номланувчи бош компанияси 3 июнь куни Мюнхен округ судига тўловга лаёқатсизлиги тўғрисида иш очиш бўйича ариза берган.

Аллақачон сотиб олинган турлар 4 июндан бутунлай бекор қилинади ёки фақат қисман амалга оширилади, дея огоҳлантиради компания. «Биз давом этаётган саёҳатлар режалаштирилган тарзда якунланиши учун барча саъй-ҳаракатларимизни қиламиз», – дейди FTI.

Энди вазиятни ҳал қилишда 2021 йилда ташкил этилган Германия Саёҳат хавфсизлиги жамғармаси иштирок этиши керак. Сайёҳлик компанияси банкрот бўлган тақдирда, у мижозларга аванс тўловларини қайтариши ва зарурат бўлганида таътилда қолиб кетган одамларни уйига қайтариши керак.

Тахминан 11 минг киши ишлайдиган FTI гуруҳи коронавирус пандемияси пайтида қийин аҳволга тушиб қолганди. Ўшанда Германия ҳукумати компанияга 600 миллион еврога яқин маблағ ажратган, аммо ҳозир янги молиявий ёрдам беришдан бош тортган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.