Исроил “ҲАМАС” ва “Ҳизбуллоҳ” командирлари ўлдирилганини маълум қилди
Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) 5 август куни Ғазо секторида “ҲАМАС” ҳаракатининг баталён командири Жобир Азиз ўлдирилганини маълум қилди, деб ёзади DW. Бир неча соатдан сўнг эса ЦАХАЛ Ливан жанубида авиазарба оқибатида “Ҳизбуллоҳ” шиалар радикал ҳаракати командири Али Жамол Алдин Жавад ҳам ўлдирилганини хабар қилди.
Исроил армияси даъво қилишича, Жобир Азиз 4 август куни Ғазо секторида “Ҳасан Саламе” ва “Носир” мактаблари биноларига қилинган ҳужум оқибатида ҳалок бўлган, у ерда “ҲАМАС” қўмондонлик пункти жойлашган. Командир билан бирга “бошқа террорчилар” ҳам йўқ қилинган. Азиз 2020 йилдан буён “ҲАМАС”нинг “Ал-Фуркан” батальонига қўмондонлик қилиб келган. У 2023 йил октябрида Исроилга террорчилик ҳужумларини режалаштирган ва уларда ўзи иштирок этган, дея маълум қилди ЦАХАЛ.
Ливан жанубидаги Эбба яқинида “Ҳизбуллоҳ” таркибидаги “Радван” махсус бўлинмаси командири Али Жамол Алдин Жавад ҳам ўлдирилган. ЦАХАЛ ўз хабарига ҳужум акс этган видеони ҳам илова қилди. Унда Исроил армияси ҳаракатланиб кетаётган машинага ҳужум қилганини кўриш мумкин.
Шарҳлар