Байденнинг оиласи уни президентликка номзодини қайтариб олишга кўндириши мумкин
АҚШ президенти Жо Байденнинг энг яқин қариндошлари, дўстлари ва маслаҳатчилари теледебатлардаги муваффақиятсиз иштирокидан кейин уни президентлик пойгасидан чиқишга кўндириши мумкин, деб ёзади Axios нашри.
Нашр маълумотларига кўра, Байден учун пойгани тарк этишнинг ягона усули — бунгача унинг номзоди илгари сурилишини қўллаб-қувватлаган энг яқин одамларидан иборат гуруҳ унинг кетиш вақти келди деб қарор қабул қилиши.
Бундай одамлар қаторига, журналистлар маълумотларига кўра, унинг рафиқаси Жилл Байден, синглиси Валери Байден, эски дўсти ва маслаҳатчиси Тед Кауфман, шунингдек, Оқ уйдан бир нечта маслаҳатчилар киради. Бу гуруҳ Байденнинг ҳаёти ва президентлигидаги энг муҳим қарорларни қабул қиладиган катта оила, оқсоқоллар кенгаши ва ҳукмрон олигархия сифатида фаолият юритади.
Демократик партия етакчилари ҳам Байденга босим ўтказиши мумкин. Улар Байденнинг кучсизлиги оқибатида партия Вакиллар палатаси ва Сенатда ўринларни йўқотишидан хавотирга тушган қонун чиқарувчилардан хабарлар ва қўнғироқлар қабул қилмоқда.
Шарҳлар