Конгрессменлар Пентагондан Украинага АҚШ қуроли билан Россияга ҳужум қилишга рухсат беришни сўради
13 нафар америкалик конгрессмендан иборат гуруҳ Пентагон раҳбари Ллойд Остинга мурожаат қилди. Улар ўз хатида Остиндан Украинага Америка қуроли билан Россия ҳудудига зарбалар беришга рухсат этишни сўради. Конгрессменлар фикрича, Украина қуролли кучларининг фронтдаги ҳолати ёмонлашуви шундай заруратни келтириб чиқарган.
Мактуб муаллифлари қайд этишича, АҚШ президенти Жо Байден Украина ҳарбий раҳбариятига исталган операцияларни ўтказишга рухсат бериши керак. Шунингдек, конгрессменлар украиналик қўшимча учувчиларни F-16 қирувчиларини бошқаришга ўқитишни таъминлашга ва Украинага ёрдам етказиб беришни оширишга чақирди. Берилган охирги ёрдам фронтда вазиятни яхшилаш учун етарли эмас, деб ҳисоблайди хат муаллифлари. Уни етти демократ ва олти республикачи имзолади.
15 май куни Россия қўшинлари Харьков йўналишида олға силжиши туфайли Украина АҚШдан Америка қуроли билан Россия ҳудудига зарбалар бериш учун рухсат беришни талаб қилаётгани маълум қилинганди. Аммо Оқ уй сиёсати ўзгармаган ва у етказиб берилаётган қурол Россия ҳудудида ҳужум операциялари ўтказиш эмас, балки фақат мудофаа учун мўлжалланганини таъкидлаб келмоқда.
Шарҳлар