Украина чет элдаги эркак фуқаролари учун консуллик хизматларини бекор қилади
Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг барча элчихоналарига чет элда бўлиб турган 18—60 ёш оралиғидаги эркак фуқароларга консуллик хизматлари кўрсатишни вақтинчалик тўхтатиб туришни буюрди. Бу ҳақда Украинанинг “Зеркало недели” нашри Украина ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Андрей Сибиганинг таҳририят қўлига келиб тушган хатига таяниб хабар берган.
23 апрелдан Украинага қайтиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришдан бошқа ҳеч қайси консуллик хизматларидан фойдаланиш мумкин бўлмайди, дейилади хатда. Ҳозирча бу маълумот Украина ҳукумати томонидан тасдиқлангани йўқ.
Консуллик хизматларидан фойдаланиш имконияти “Россиянинг Украинага қарши давом этаётган қуролли тажовузи” туфайли ҳамда Украина фуқароларининг “ҳарбий ҳисобга қўйиш масаласини тартибга солиш бўйича мажбуриятлар”дан қочишига йўл қўймаслик мақсадида чекланмоқда, дейилади хатда.
Украина Олий радаси 11 апрель куни сафарбарликни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди, 5 кундан кейин уни Украина президенти Владимир Зеленский имзолади.
Украинанинг ҳарбий хизмат ёшидаги барча фуқаролари қонун матни эълон қилинганидан кейин 60 кун ичида ўзларининг ҳарбий-ҳисоб маълумотларини аниқлаштириши шарт.
Шарҳлар