Кремль АҚШнинг космосдаги ядро салоҳияти ҳақидаги огоҳлантиришни рад этди
Пайшанба куни Кремль Москванинг космосдаги янги ядро салоҳияти ҳақидаги АҚШнинг огоҳлантиришини рад этиб, буни «ёмон ниятли уйдирма» ва Оқ уйнинг америкалик қонунчилардан Россияга қарши курашиш учун кўпроқ маблағни тасдиқлатишга қаратилган ҳийласи деб атади.
Қўшма Штатлар Конгресс ва Европадаги иттифоқчиларини Россиянинг халқаро хавф туғдириши мумкин бўлган ядровий салоҳиятига оид янги разведка маълумотлари тўғрисида хабардор қилди, деди чоршанба куни Reuters агентлигига бу борада маълумот берган манба.
Россиянинг фазовий қуролларини яратиш ҳаракатлари билан боғлиқ янги имкониятлар АҚШ учун жиддий хавф туғдирмайди, деди манба.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Оқ уй тафсилотларни ошкор қилмагунча, у хабарларнинг мазмуни ҳақида изоҳ бермаслигини айтди. Аммо унинг сўзларига кўра, Вашингтоннинг огоҳлантириши Конгрессни қўшимча маблағни тасдиқлашга уриниш эканлиги аниқ.
Россия ва Қўшма Штатлар дунёдаги энг йирик ядровий кучлар бўлиб, биргаликда дунёдаги ядро қуролларининг қарийб 90 фоизига эга. Уларда Ер атрофида айланиб юрадиган замонавий ҳарбий сунъий йўлдошлар ҳам бор.
Аввалроқ New York Times ва ABC News нашрлари АҚШнинг янги разведка маълумотлари Россиянинг космосдаги сунъий йўлдошларга қарши ядро қуролини яратиш ҳаракатлари билан боғлиқлигини хабар қилган эди. Манбаларнинг айтишича, АҚШнинг огоҳлантириши Россиянинг космик имкониятлари ва сунъий йўлдошлари билан боғлиқ.
Сунъий йўлдошни йўқ қилиш Россияга нега кераклиги бир қарашда тушунарсиз бўлиши мумкин.
Хавфли сунъий йўлдошлар ҳар хил муаммоларни келтириб чиқариши – бутун дунё бўйлаб алоқа, кузатув, разведка, қўмондонлик ва назоратни бузиши, шу жумладан ядро соҳасидаги назоратни ҳам бузиши мумкин.
Шарҳлар