Кремль Навальнийни алмаштириш бўйича музокаралар олиб борилганини инкор қилмоқда

песков
Фото: Anadolu

Кремль вакили Дмитрий Песков Владимир Путиннинг Алексей Навальнийни алмаштиришга тайёр эканлиги тўғрисидаги баёнотидан сўнг бундай музокаралар бўлганини инкор қилмоқда.

«У (Путин) томонидан Навальнийни алмаштириш ғояси илгари сурилганини ва у потенциал равишда бу ғояга рози бўлганини, бу ҳақда ғояни илгари сурган шахсга дарҳол айтганини тушунтирди. Лекин Путин бунинг устида музокаралар олиб борилганини айтгани йўқ», – дея Песковнинг сўзларидан иқтибос келтиради «Интерфакс» агентлиги.

Президент сайловларидан кейин тунда Путин Навальнийни алмаштиришга тайёргарлик кўрилгани тўғрисидаги хабарларга биринчи марта муносабат билдирди. Бу ҳақда олдин қамоқдаги сиёсатчининг ҳамкасблари гапирган эди. Шу билан бирга, Россия президенти биринчи марта Навальнийнинг фамилиясини тилга олди.

«Навальний ҳаётдан кўз юмишига бир неча кун қолганида, менга маълум шахслар – бу маъмурият ходимлари эмас, балки бошқа кишилар – Ғарб давлатларидаги қамоқхоналарда сақланаётган баъзи кишиларга жаноб Навальнийни алмаштириш ғоясини таклиф қилишганди», – деди Путин АҚШ журналистининг саволига жавобан.

«Менга ишонинг, ишонмасангиз ҳам майли: мен билан гаплашган одам гапини тугатмасиданоқ, мен «Розиман», дедим», – дея қўшимча қилди Путин, аммо фақат битта шарт – Навальнийнинг Россияга қайтмаслиги шарти билангина розилик берганини айтиб ўтди.

Навальнийнинг сафдошлари Путинни қатъий тарзда беҳаёликда ва ёлғон гапиришда айблади. Илгари улар ва оммавий ахборот воситалари эҳтимолий алмаштириш музокаралари контекстида бизнесмен Роман Абрамовичнинг номини тилга олишганди. Песков журналистларга Путин «бу шахсни (алмаштириш ҳақида гапирганни) ҳам, илгари сурилган ғоянинг бошқа тафсилотларини ҳам айтмаганини» эслатди.

Олдинроқ биз Путиннинг Навальнийнинг исмини биринчи марта тилга олгани ва унинг алмаштирилиши режалаштирилгани ҳақида ёзгандик.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.