Кремль шимолий кореяликлар Украинада жанг қилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этмоқда
Кремль Шимолий Корея Россия қўшинларини қўллаб-қувватлаш учун Украинага аскар юборгани ҳақидаги хабарларни рад этмоқда. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков уларни «сохта хабар» деб атади.
Пайшанба куни Британиянинг “Гардиан” газетаси Киев ва Сеул расмийларига таяниб, КХДР ўзининг техник мутахассисларини Россия ҳарбийларига Шимолий Корея ракеталарига техник хизмат кўрсатишга ёрдам бериш учун юборганини маълум қилганди. Шунингдек, газета шимолий кореялик бир неча мутахассис ҳалок бўлганини ҳам хабар қилган.
Москва Шимолий Корея қуролларидан фойдаланаётганини рад этади. Бироқ январь ойида АҚШ Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Жон Кирби Россия Украинадаги нишонларни ўққа тутиш учун Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган баллистик ракеталардан фойдаланаётгани ва умумий ҳисобда, АҚШ маълумотларига кўра, Шимолий Кореядан Россияга 16 минг контейнердан ортиқ ўқ-дорилар юборилганини айтди.
Украина ҳарбийлари, шунингдек, баъзи ракеталар қолдиқларидан корейсча ҳарфлар топилганини ҳам хабар қилган.
Шарҳлар