Кремль томонидан тайинланган амалдорлар Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан кетмоқда

Александр Костомаров. Фото: mosoblduma.ru

Кремль чақириғи билан Украинанинг босиб олинган ҳудудларига ишлаш учун кетган амалдорлар ўз фаолиятини Россияда давом эттириш учун босиб олинган ҳудудлардаги лавозимларини тарк этишга уринмоқда, деб ёзади “Медуза” президент маъмуриятидаги (ПМ) манбаларга таяниб.

Суҳбатдошлардан бирининг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда қўшиб олинган ҳудудлар маъмуриятларида мансабдор шахслар ўз ишларини “вахта” сифатида қабул қилишмоқда.

“Аввалига [2022 йилда] кўпчилик ҳали ҳам ўша ерда қолишим мумкин, уруш тугайди, пул дарёдек оқиб келади деб ўйлаганди. Ҳозир эса бундай эмас – уруш давом этмоқда, одамлар ўз курсиларида қолиб кетган. Ҳатто доимий лавозимда ишлаш ҳам “вахта” сифатида қабул қилинмоқда. Имконият туғилиши билан улар орқага қайтиб кетишяпти», дейди у.

26 апрель куни ўзини “ДНР” деб эълон қилган ҳудуд губернатори Денис Пушилиннинг биринчи ўринбосари Александр Костомаров ишдан бўшаши ҳақида маълум бўлди. Амалдор “сайловлар”ни ташкил этишда иштирок этган ва бундан олдин у Ульяновск, Липецк ва Москва областларида худди шундай лавозимларда ишлаган.

Костомаров танишининг сўзларига кўра, у Россиянинг областларидан бирида губернаторлик лавозимини олиш учун Донбассда ишлашга қарор қилган. Унинг сўзларига кўра, «Единая Россия» аъзоси бошиданоқ “ДНР”да қолиш ниятида эмасди ва президентлик сайловларидан сўнг у ўзини ўзи эълон қилган республикадан кетиш ҳақида ПМ билан келишиб олишга муваффақ бўлди.

Костомаровдан кейин Запорожье областининг босиб олинган қисми вице-губернатори Сергей Толмачев ўз лавозимини тарк этмоқда, дея хабар беради ПМнинг икки манбаси. Бундан олдин у аннексия қилинган Севастополда худди шундай лавозимни эгаллаган ва Россия Федерацияси ҳудудларида «Единая Россия» кампанияларини бошқарган.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.