Кремль Трамп Путинга яширинча COVID тестларини юборганини тасдиқлади
Кремль Дональд Трамп ҳокимият тепасида бўлган пайтида, пандемия авжида АҚШда тестлар етишмаслигига қарамай, Владимир Путинга яширинча COVID-19 тестларини юборганини тасдиқлади. Бу маълумотни олдинроқ журналист Боб Вудворд ўз китобида эълон қилган эди.
Вудворднинг маълумотларига кўра, Трамп бу қадамни Вашингтон ва Москва ўртасидаги муносабатларни яхшилаш умидида қўйган. Ўша даврда АҚШда коронавирус тестларига қаттиқ эҳтиёж бор эди ва Путин, айтилишича, Трампни бу маълумотни ошкор қилишнинг эҳтимолий оқибатлари ҳақида шахсан огоҳлантирган. Трампнинг ўзи бу баёнотларни рад этиб, улар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди.
Бироқ Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Путин учун тестлар юборилганини тасдиқлади. «Биз ҳам пандемия бошида жиҳозлар (коронавирусга қарши курашиш учун – ТМТ) юборганмиз», – деб қўшимча қилди у (Bloomberg иқтибоси).
Шу билан бирга, Песков Вудворднинг бошқа бир даъвосини – Трамп президентлик лавозимидан кетгандан сўнг Путин билан етти марта телефон орқали боғланганини ёлғон деб атади.
Боб Вудворднинг «Уруш» китоби 15 октябрда чиқади, аммо ҳозирдаёқ унинг мазмунининг бир қисмини CNN ва The Washington Post ошкор қилди. Трамп сайлов штабининг вакили Стивен Чунг Вудвордни қаттиқ танқид қилиб, уни «ярамас» ва «тўқима ҳикоялар» муаллифи деб атади, аммо республикачи президентликдан кетгандан кейинги Трамп ва Путин алоқалари ҳақидаги маълумотларни тўғридан-тўғри рад этмади. Республикачилар партиясидан вице-президентликка номзод сенатор Жей Ди Вэнс, «ҳатто бу рост бўлса ҳам», бошқа давлатлар президентлари билан мулоқот қилишда ҳеч қандай ёмон нарса йўқлигини айтди.
Ўз навбатида, вице-президент Камала Харрис ва амалдаги президент Жо Байден Трампни қоралади. Хусусан, Харрис баён қилинган маълумотлар республикачини яхши тавсифлашини таъкидлади.
«Менинг фикримча, Дональд Трампда диктатор бўлиш истаги бор. У кучли одамларга ҳавас қолади, ва улар у билан ўйнашади, чунки у уларни дўстлари деб ўйлайди. Ва улар уни доимо бошқариб турадилар яъни хушомад ва илтифот билан бошқарадилар», – деди у.
Трамп Путинга юбориши мумкин бўлган тестлар АҚШда етишмас эди, деб эслатди Байден: «У ўзининг яхши дўсти Путинга қўнғироқ қилди, бу ҳазил эмас, унда тестлар борлигига ишонч ҳосил қилиш учун. Бу йигитга нима бўлган?».
Шарҳлар